Тошкент Тиббиёт Академияси 3-Клиникаси
          
Бош саҳифаКлиника ҳақида

 

ТОШКЕНТ ТИББИЁТ АКАДЕМИЯСИ ТАРИХИ

 

1919 йил 13 сентябрда Туркистон давлат университети кенгаши мажлисида биринчи кафедра мудирлари И.В.Давидовский, А.Н.Крюков, П.П.Ситковский, К.Г.Хрушев, Г.Б.Берлацкий тайинланди. 1919 йил 17 сентябрда Илмий кенгашнинг биринчи йиғилишида профессор П.П.Ситковский янги ташкил этилган тиббиёт факультети декани, профессор Г.К.Хрушев эса декан муовини этиб сайланди. Талабаларни ўқитиш учун С.Н. Наумов (органик кимё), М.И.Прозин (анорганик кимё), Г.Г.Шеглов (зоология), А.В.Миллер (ботаника), В.К.Аркадьев (физика), И.П.Рождественский (анатомия), С.Э.Циммерман (анатомия), А.А.Юдин (анатомия), Е.М.Шляхтин,О.Б.Лепешинская (гистология), И.А.Смородинцов (биокимё), М.А.Захарченко (асаб касалликлари), В.В.Васильевский (умумий патология), М.С.Астров (2-факультет жаррохлиги), М.М.Невядомский (2-факультет терапияси), Г.С.Бом, Г.А.Ильин (1-факультет гинекологияси) ва бошқалар ишга таклиф қилинди.

1920 йил 5 майда собиқ кадетский корпус биноси 500 ўринли шифохона билан тиббиёт факультетига топширилди.

Тиббиёт факультетида дарслар беш курсда баравар бошланиб, унда 205 талаба тахсил олган, улардан 5 нафари маҳаллий аҳоли орасидан эди. 1920 йилда тиббиёт факультетида маҳаллий миллат вакиллари учун тайёрлов курслари очилди. Проф. Ситковский П.П. факультет декани(1919-1921й.) бўлган даврда, моддий базани ҳосил қилиш, жамлаш, ривожлантиришга катта аҳамият берилди. Бу вақтни яралиш, кейинчалик ўсиш ва ривожланиш ҳуқуқи учун кураш дейиш мумкин. 1921 йил май ойида биринчи битирувчилар етишиб чиқди. Факультетни 12 киши битирди.

Кейинги даврларда факультетни (1921 — 1926 йй.) профессорлар К.Г. Хру­щев (1921 — 1924 й.) ва М.И. Слоним (1924—1926 й.) бошқарди. Бу даврда барча клиника ва кафедраларни собиқ кадетский биноси ҳудудига кўчириш ишлари олиб борилди.

Тиббиёт факультетнинг илмий-педагогик таркиби кенгайтирилди. Мавжуд бўш ўринларга Н.И. Рагоза (ички ва юқумли касалликлар), А.Н. Мурзин (кўз касалликлари), И.С. Мильман (тери ва таносил касалликлари), Н.И. Осиновский (болалар касалликлари), Ф.И. Валькер (топографик анатомия ва оператив жаррохлик) таклиф қилинди. Шунингдек Тошкентга ассистент сифатида келиб, кейинчалик профессор бўлган С.А. Молчанов (рентгенология), Г.Н. Терехов (патологик анатомия), Г.А. Ильин (оператив жаррохлик, кейин жаррохлик пропедевтикаси), С.Э. Циммерман (нормал анатомия), М.С. Астров (факультет жаррохлиги), Д.А. Введенский (урология) ва бошқалар мустақил кафедраларда муваффақиятли таълим бера бошлашди. 1922 йил тиббиёт факультетини 27 киши битирди, улар орсида Зулфия Умидова ва Аккагаз Дошанова бор эди.                                              

Тиббиёт факультетида биринчи ўзбек талабаларидан Турсунхўжа Нажмитдинов, Мирносир Исмоилов, Акбар Асқаров, Қурбон Усмонов, Миркомил Мирсоатов, Юнусжон Ахмаджонов, Ҳабиб Иноятов, Шариф Раҳимов таҳсил олган.

Факультетда ўқув-тарбиявий ишларни олиб бориш билан бир қаторда илмий изланишларга ҳам катта аҳамият берилган. 1920 йил доцент В.А. Смирнов пеллагра ҳақида тушунча берди, 1922 йил профессор А.Н. Крюков Марказий Осиёда илк бор тропик касалликни аниқлади ва 1927 йил бу касалликда камқонликнинг намоён бўлишини батафсил изоҳлаб берди. Профессор П.Ф. Боровский пендин яраси сабабини аниқлади. Шу сабабдан унинг портрети Мольтеневский институтининг (Кембридж) машҳур паразитолог олимлар галереясига ўрнатилган.

1924 йил гистология кафедраси қошида биринчи талабалар илмий тўгараги ташкил қилинди, кейинчалик шундай тўгарак нормал анатомия кафедрасида, ундан сўнг 1924-25 ўқув йилида терапевтик ва жаррохлик тўгараклари очилди.

1922 йил октябрда тиббиёт факультети жамоасининг фаол иштирокида Туркистон шифокорларининг 1-съезди ўтказилди.

1923 йил ноябрда тиббиёт факультетида жами 973 нафар талаба таҳсил олган, улардан 1-курс 157, 2-курс 260, 3-курс 248, 4-курс 183, 5-курс 125 кишини ташкил қилган. Талбаларнинг асосий қисми (426) қизлардан иборат эди.

1926 йилдан 1930 йилгача бўлган давр оралиғида тиббиёт факультети декани лавозимини профессорлар П.Ф. Боровский (1926-1928 й.) ва Н.И. Рагоза (1928-1929 й.), шунингдек Г.П. Федоров (1929-1931 й.) эгаллаган. Бу вақтда собиқ кадетский биносини факультет эҳтиёжлари учун мослаштириш ва қайта қуриш давом эттирилди. Бир қатор клиникалар қайта таъмирланди, биология, кимё, физика каби мустақил кафедралар ташкил қилинди. Профессор-ўқитувчилар таркиби учун малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида аспирантура очилди. Тиббиёт факультети тўлиқ тикланди ва мустаҳкамланди. Нафақат педагогик соҳада, шунингдек ўлкадаги патологик муаммолар билан боғлиқ илмий-тадқиқот ва даволаш ишларида ҳам юксалиш кузатилди. 1931 йилга келиб Марказий Осиё Давлат университети тиббиёт факультети шу даражада кенгайдики, ҳатто кўриниши жиҳатидан алоҳида ўқув муассасаси ва илмий-тадқиқот ташкилотини эслатарди. Шу йил у университетдан мустақил факультет сифатида ажралиб чиқади. Барча кафедра ва клиникалар (психиатрия кафедрасидан ташқари) собиқ кадетский биноси ҳудудига жалб қилинади.

Қисқа тарихий вақт оралиғида (1919 йилдан 1931 йилгача ) тиббиёт факультети ҳодимлари кўплаб касалликларни аниқлаш, даволаш ва олдини олиш чоралари бўйича жуда катта ишлар олиб боришди: спра (проф. Крюков А.Н., Терехов Г.Н., 1922), пеллагра (проф. Крюков А.Н., Смирнов В.А., 1922), мальта иситмаси (бруцеллез) (проф. Крюков А.Н., Смирнов В.А., 1922), малярия (проф. Крюков А.Н., Кассирский И.А., 1924), кала-азар (Павлова О.Н., Кассирский И.А., Шевченко Ф.И., Бурова Л.Ф., 1924-1931), ичак паразити (Павлова О.Н., 1926) ва бошқалар.

 

ТИББИЁТ ИНСТИТУТИ (1931-1991Й.)

1931 йил тиббиёт факультети мустақил тиббиёт институтига айлантирилди. Институтнинг биринчи директори этиб Г.П. Федоров тайинланди, 1931 йил охирига келиб унинг ўрнини 1930 йил март ойидан тиббиёт факультети декани лавозимида фаолият юритган Х.У.Умаров эгаллади. 1932 йил 1 январда институтда 177 та ўқитувчи, улардан 25 та профессор, 26 та доцент, 104 та ассистент ишлаган, 1049 та талаба таҳсил олган бўлиб, улардан 316 таси маҳаллий миллат вакиллари эди. Институт таркибида 4 та факультет бўлган. 1932 йил институт ректори этиб Б.Сатторов тайинланди, у бу лавозимда 1936 йилгача фаолият юритди.

1935 йил Марказий Осиё Тиббиёт Институти номи Тошкент Тиббиёт Институтига ўзгартирилди. Институт таркибида: даволаш-профилактика, санитар-профилактика (кейинчалик санитар-гигиеник), оналик ва болаликни ҳимоя қилиш (кейинчалик педиатрия) ва стоматология (кейинчалик даволаш факультети таркибидаги стоматология курсига ўзгартирилган) факультети ташкил қилинади. 1936 йил Э.Ю. Шурпе, 1937 йил В.Д. Штибен, ундан сўнг У. Недрит институт ректори сифатида фаолият юритишди. Янги факультетларнинг очилиши талабалар сонининг ортишига олиб келди. 1937 йил институтда 1400 киши таҳсил олган. Бу йиллар оралиғида педагог кадрлар таркиби бошқа ўқув юртларидан келган янги раҳбарлар (И.В. Марковин – суд тиббиёти, В.Д. Штибен - микробиология, Н.В. Данилов - нормал физиология, Волинский - биокимё, С.Г. Боржим - оториноларингология, А.И. Картамишев - дерматовенерология, Ф.Н. Тавилдаров, Р.А. Черток, С.Г. Хаскин, А.А. Коган - акушерство ва гинекология, С.В. Кофман - ортопедия, В.П. Петров – тропик касалликлар, М.А. Петрова – овқатланиш гигиенаси, Л.Я. Шаргородский – асаб касалликлари, Ф.Ф. Детенгоф – психиатрия, М Н Ханин – патологик физиология) ҳисобига тўлдирилди. Кадрлар сони аосан яхши тайёргарликка эга, Ўзбекистон халқи ҳаёти ва маиший шароити билан яқиндан таниш бўлган институт битирувчилари ҳисобига ортди. Улардан профессорлар А.А. Аковбян (дерматовенерология), А.А Аскаров, Э.И. Атаханов, Г.А. Буссель (терапия), Г.Л. Вайнштейн (акушерлик ва гинекология), Л.Д. Василенко (жаррохлик), И.Г. Гаспарян (фтизиатрия), А.В. Георгиевский (эпидемиология) A.M. Геллер (жаррохлик), Р.С. Гершенович (педиатрия), Н.И. Исмаилов (терапия), Н А. Кассирский (тропик касалликлар ), Н.Н. Компанцев (фармакология), ГФ Манкус (терапия), С.А. Масумов (жаррохлик), А.С. Мелик-Карамян (терапия), С.М. Миленков (гистология), М Ф. Мирочник (терапия), Т.Х. Нажмитдинов (тропик касалликлар), О Н Павлова (терапия), Л.И. Рейхштейн (ортопедия), Б.А. Стекольников (оператив жаррохлик), К.Г Титов (педиатрия), З.И. Умидова (терапия), С.И. Шумский (оториноларингология), А.Ю Юнусов (нормал физиология), А.И. Магрупов (патологик анатомия), Ш.И. Абрамов (рентген анатомия) ва бошқалар.

Бу даврда трахома (Фельдман П.Б., Первухин Ф.С., 1938), ярали колит (проф. Кассирский Д., Бурова Л.Ф., Чапурская-Боженова Н.А., Аскаров А.А., Нажмитдинов Т.Х., Расулов И.А., Аванесов Г.А., 1934), лейшманиоз (проф. Кассирский И.А., Терехов Г.Н., Петров В.П. 1939) ни ташхислаш ва даволаш усулларини такомиллаштириш устида кўпгина ишлар олиб борилди. Кассирский И.А. лейшманиозга ташхис қўйиш учун суяк кўмигини пункция қилиш усулини таклиф қилди, унинг пункция учун мўлжалланган маҳсус игнаси ҳозирги кунда ҳам қўлланилади.

1938 йил М.У. Мирсоатов институт ректори этиб тайинланади. Бу даврда Республика ҳукумати томонидан институт базасини кенгайтириш мақсадида катта маблағ ажратилади. Тажриба биноси, юқумли касалликлар, онкология ва протез-ортопедияси клиникалар қурилди, тери-таносил, оториноларингология, сил касалликлари, ортопедия, асаб касалликлари клиникалари, шунингдек рентгенорадиология кафедраси қайта таъмирланди. Аудиториялар, талабалар ва профессор-ўқитувчилар таркиби учун ётоқхоналар, ошхоналар, клуб, дирекция учун бино ва шу каби бир қатор иншоотлар барпо қилинди. Янги қурилишлар ҳисобига институтда мавжуд бинолар ҳудуди икки баробар кенгайди. 1940 йил Б.И. Берлинер институт ректори этиб тайинланади, 1941 йилда унинг ўрнини Р.И. Пўлатов эгаллади.      

1941 — 1945 йилларда уруш бошланиши билан институт ўқув жараёнини бошқаришда муаммолар вужудга келди. Институт ҳудудига ўнга яқин турли бошқармалар, эвакуацион госпиталь жойлаштирилган бўлиб, ўқув аудиториялари, лаборатория ва кафедралар учун хоналар етарли бўлмай қолди. Кўплаб профессорлар ва ўқитувчилар урушга юборилди, улар орасида Д.А. Введенский, Л.Д. Василенко, A.M. Геллер, Б.А. Стекольников ва бошқалар бор эди. 1944 йил Я.К. Мўминов институт ректори этиб тайинланади.

Уруш йилларида Тошкент Тиббиёт Институти 2122 та шифокор тайёрлаган бўлиб,уларнинг кўпчилиги (1630) фронтга юборилди. Улардан М.А. Ашрапова, М. Мухаррамова, С.А. Файзиев, К.А. Ахмедов, М. Акмалов, У. Умарова, B.C. Карпухина, Л.И. Васковская, Л.Е. Стругацкая, С.А. Далимов, Ф.Ф. Амиров, Д.Н. Максумов, Н.А. Камбулин ва бошқалар.

Уруш фронтида шаҳид бўлган А.А. Айрапетов, Р.Л. Аминов, А.О. Гулкоров, Г.Д. Мухтанов, В.М. Мажитов, Р.С. Орипов, Н.Г. Ращенко, З.С. Ржевский, У.З. Умарова, У.Хикматхужаевларнинг номлари Тошкент Тиббиёт Институти тарихига олтин ҳарфлар билан битилди.Уларнинг хотирасига бағишлаб институт ҳудудида обелиск ўрнатилган бўлиб, унга ҳар йили миннатдор авлодлар томонидан гуллар қўйилади.

Шундай оғир даврда ҳам илмий изланишлар олиб бориш тўхтатилмади. Жойлангар энцефалити (профессорлар Н.И. Ходукин, А.Л. Каценович, Л.Я. Шаргородский, Я.Я. Гордон, А.И. Магрупов, М.Н. Сошникова ва бошқалар.), геморрагик иситма (профессор Н.И. Ходукин, Г.Н. Терехов, А.И. Магрупов ва бошқалар .) тўлиқ ўрганилди ва уларга таъриф берилди.

1945 йил Х.З. Зохидов институт ректори этиб тайинланади. Уруш тугагач институтда 6 йиллик таълим йўлга қўйилди. Шунга кўра профессор-ўқитувчилар иши янги ўқув дастурлари яратишга йўналтирилди. Уруш йилларида институт ўқув базаси яроқсиз ҳолатга келди. Кафедра ва клиникалар узоқ вақт таъмирланмади. Урушдан олдин олинган ускуналар нотўғри ишлатилиши оқибатида ишдан чиққан ва эскирган эди. Кутубхоналарда замонавий дарсликлар ва ўқув қўлланмалари етишмас эди. Бироқ 1945 йил ўрталарига келиб институт маҳсус ускуналар, қаттиқ ва юмшоқ жихозлар билан таъминланди, иситиш тармоқлари, канализация, кир ювиш хонаси, оқувасув тизими қайта тикланди, кафедра ва клиникалар таъмирланди.

Тошкент Давлат Тиббиёт Институтида 1945-1946 ўқув йили бешта курсда уч факультетда 2752 киши билан бошланиб, улардан 1-курс 600 кишини ташкил қилди. Шу йили талабалар илмий жамияти ташкил қилинди.

   Институтда таълим бериш ўзбек ва рус тилларида олиб борилган. Ўрта мактабни рус тилида битирган талабалар ўзбек тилини, ўзбек тилида битирганлар рус тилини ўрганишлари мажбурий эди. 1947 йил Ё.Х. Тўрақулов институт ректори этиб тайинланади.

1949 йил институт ҳодимлари олиб борган 274 та илмий иш 12 йирик муаммони ўз ичига олади ва институт олдида турган илмий муаммоларни маълум мақсадга йўналтирган ҳолда ечишга туртки бўлди.

1950 йил А. Г. Ғуломов Тошкент Давлат Тиббиёт Институти ректори этиб тайинланади, у институтни 15 йил мобайнида бошқаради.

1945 йилдан 1953 йилгача институт талабаларининг умумий сони 2752 дан 3158 гача ортди, шу билан бирга маҳаллий миллат вакилларидан иборат талабалар сони 404 тадан (1945й.) 1693 тага (1953й.) ўсди.

1954 йил стоматология факультети қайта ташкил қилинди. Институт профессор-ўқитувчилар таркиби институт битирувчилари ҳисобига кенгайди.

Институт илмий-педагогик кадрлари таркибида нафақат сон жиҳатдан, балки сифат жиҳатдан ҳам ўсиш кузатилди. 60-йил ўрталарига келиб институт профессор-ўқитувчилар таркибида 57 нафар тиббиёт фанлари доктори, 18та республикада хизмат кўрсатган фан арбоби,13 та хизмат кўрсатган шифокор, 2 та Ўзбекистон фанлар академияси (А.А. Аскаров, Н.И. Исмаилов) ва СССР тиббиёт фанлари академияси (З.И. Умидова, Э.И. Атаханов) муҳбир аъзолари фаолият юритган. 57 профессордан 22 нафари ўзбеклардир. 1962 йилдан бошлаб институтда Осиё, Африка ва Лотин Америкаси талабалари таҳсил ола бошлашди.

1960 йил кечки даволаш факультети очилиб, 1967 йилгача фаолият кўрсатди. Шу йиллар мобайнида унга проф. Ахмедов Н.К. бошчилик қилди.

Институт моддий-техник базаси яхшиланди. Бу вақт оралиғида нормал физиология, биологик кимё, физик коллоид кимё, патологик физиология ва фармакология, кинога мўлжалланган маъруза зали, юқумли касалликлар кафедра ва клиникаси, урология клиникасидан иборат бўлган тажриба биноси деярли қайта тикланди.

Тошкент, Хоразм, Фарғона ва Қорақалпоғистонда тиббий ёрдам бўйича катта ишлар олиб борилди. Биргина 1960 йил ҳисобига институт ҳодимлари жойларда 5557 та беморни кўрикдан ўтказишди, 249 та жаррохлик операцияси амалга оширилди. Юқоридаги вилоятлардан 23 та шифокор, 67 та фельдшер, 29 та рентген лаборант малака оширди, янги ташхислаш ва даволаш усулларини ўзлаштирди. Маҳаллий аҳоли вакилларидан бўлган кадрлар тайёргарлиги бирмунча яхшиланди. 1961 йил институтда таҳсил олган 4000 дан ортиқ талабадан 2395 нафари маҳаллий миллат вакиллари бўлиб, улардан 1879 нафари аёллардир.

60-йиллар бошида институт илмий йщналишида кенгайиш юз беради. Илмий изланишлар 6 асосий муаммога қаратилди: юрак-қон томир тизими физиологияси ва патологияси, ҳазм аъзолари тизими физиологияси ва патологияси, Ўзбекистондаги асосий юқумли касалликлар ва улар билан курашиш, аёллар, оналар ва болалар саломатлигини сақлаш, аҳоли яшайдиган ҳудуд, ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги гигиенаcи, кўкрак жаррохлиги, анестезиология ва нейрохирургия.

1965 йил академик Зуфаров К.А. институт ректори этиб тайинланди. Бу даврда институт моддий-техник базасида мустаҳкамланиш кузатилди. Иститут ҳудудида морфологик бино, янги ректорат биноси қурилди, марказий илмий тадқиқот ва биофизик муаммолар лабораторияси очилди. Институт моддий техник базасининг яхшиланиши ўқиш жараёнинг 1 сменалига ўтишига, ўқитувчи ва талабалар ишини самарали ташкил этишга имконият яратди. 1968 йилда шифокорларни тайёрлаш тизими субординатура орқали, 1969 йилдан эса интернатура орқали амалга оширилди. Институт ректорати томонидан клиник базаларни бошқариш факультет тамойили асосида олиб борила бошланди. Кафедралар ўқув асбоб ускуналри, жадваллар, муляжлар, кинофилмлар, диафилмлар, ўқув услубий адабиётлар билан тўлдирилди. Кафедралар кундалик ишида дастурли таълим қўллана бошланди. Марказий Осиё ва Қозоғистонда биринчилардан бўлиб, ТошДавТИ янги ўқув дастури асосида таълим беришга ўтилди. Ректор қошида мухокама органи – ректорат ташкил этилди. Унинг таркибига ректор, проректор, деканлар, жамоат ташкилотлари аъзолари кирган. Факультет деканлариниг ўқув услубий ва тарбиявий ишларни ташкиллаштириш ҳуқуқлари кенгайтирилди.

Илмий тадқиқот ишлари бирмунча фаоллашди. Гастроэнтерология муаммолар бўйича бир қанча изланишлар олиб борилди. Бу муаммоларни ҳал қилишда комплекс ёндашув катта рол ўйнади. Бунда физиология ва патологияни ҳар томонлама ўрганишда физиологлар (проф. А.С. Садиков), анатомлар (проф. Р.И. Худайбердиев, Ф.Ф. Амиров, С.А. Далимов, Х.З. Захидов), иммунологлар (проф. А.И. Николаев), клиницистлар (проф. А.А. Аскаров, Н.И. Исмаилов, М.С. Турсунходжаева, К.Б. Бахадыров, А.Х. Ходжаев, М.П. Постолов, Л.Д. Василенко, М.А. Ашрапова, С.М. Агзамходжаев) иштирок этишди.

1970 йилда меҳнат қилаётган ва қуролли кучлар сафидан заҳирага олинган ёшларни институтга тайёрлаш курслари ташкил қилиниб, у 1984 йилгача фаолият олиб борди. В.А. Алимов (1970-1972 гг.), М.Р. Нуритдинов (1972-1976 гг.), П.И. Тошхўжаев (1977-1980 гг.), М.А. Мирзамуҳамедов (1980-1982 гг.), X. Дўстов (1982-1984 гг.) шу курсга раҳбарлик қилишган.

1971 йил академик Зуфаров К.А ўлка тиббиёти илмий-тадқиқот институти директори лавозимига ўтказилди ва Соғлиқни Сақлаш вазири 1-ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келган Республика Фанлар Академияси аъзоси, профессор Орипов У.А. Тошкент Давлат Тиббиёт Институти ректори этиб тайинланади ва 1984 йилгача шу лавозимда ишлайди.

Бу даврда талабалар сони йил сайин ортиб борди. 1972 йилнинг ўзида институт 1-курсига (2 даволаш, педиатрия, санитар-гигиена ва стоматология факультетлари) 1500 киши қабул қилинди. 1972 йил бошида институтда 10 мингдан ортиқ талаба таҳсил олар эди. Ушбу йилларда аҳолига тиббий ҳизмат кўрсатиш муаммоларининг интенсив ҳал қилиш усуллари қўлланила бошланди. Юқоридагилардан келиб чиқиб ва Республика аҳолисининг ярми болалардан иборатлигини ҳисобга олган ҳолда, 1972 йил Тошкент Давлат Тиббиёт Институти қошидаги педиатрия факультети ажратилиб, унинг базасида алоҳида мустақил Марказий Осиё Педиатрия Институти (ҳозирги Тошкент Педиатрия Тиббиёт Институти) ташкил қилинди. Шунингдек 1974 йил Тошкент Давлат Тиббиёт Институти 1-курсига қабул қилинганлар сони 1500 га етди. 1975 йил 2-даволаш факультети очилди. Чет эл талабаларини қабул қилиш ортиб борди. 1961 йилда уларнинг сони 22 кишидан иборат бўлган бўлса, 80-йил охирига келиб 170 тани ташкил қилди. Бу ҳолат Тошкент Давлат Тиббиёт Институтининг халқаро миқёсида юқори мавқега эга бўлганидан далолат беради.

Талабаларнинг амалий кўникмаларни ўзлаштиришларига катта эътибор қаратилди. 1971 йил тегишли бўлимлар базасида интернатура ва малакавий амалиёт деканати ташкил қилинди. Уни турли йиллар мобайнида деканлар А.И. Мўминов (1971 — 1972 гг.), Р.А. Капкаев (1972—1978 гг.), М.Р. Нуритдинов (1978-1982 гг.) бошқарди.

Талабалар сонининг юқори суръатда ўсиши институт моддий-техник базасини кенгайтириш масаласини ҳал қилинишини талаб қиларди. 1972 йил шаҳарнинг ҳозирги Олмазор(собиқ Октябр) туманида институтнинг янги комплексини қуриш ишлари бошланди. Шу ернинг ўзида ҳодимлар учун турар жойлар ва талабалар учун ётоқхоналар барпо қилинди.

80-йил охирига келиб институт профессор-ўқитувчилари таркиби 1042 кишидан иборат бўлиб, улар 6 та Ўзбекистон фанлар академияси ва СССР тиббиёт фанлари академияси академиклари ва муҳбир аъзолари (У.А. Орипов, В.В. Воҳидов, К.А. Зуфаров, Р.А. Каценович, Д.Н. Мақсумов, А.А. Обидов), 24 та республикада хизмат кўрсатган фан арбоби, 8 та хизмат кўрсатган шифокор, 90 та тиббиёт фанлари доктори, профессорлар, 207 та тиббиёт фанлари номзоди, доцентлардир.

Институт 3.2 минг ўринга эга бўлган клиникаларни ўз ичига олган. Уларнинг бир қисми республика, шаҳар клиник шифохоналари, туғруқхоналар ва диспансерлар базасида жойлашган бўлиб, умумий миқдори 7 минг ўриндан иборат эди. 5 та кафедра илмий текшириш институтлари касбий кафедралари билан бирлаштирилди: госпитал жаррохлик кафедраси —ЖИТИ ТФА СССР Тошкент филиали билан, онкология кафедраси —рентгенология, радиология ва онкология институти билан, госпитал терапия кафедраси —кардиология институти билан, коммунал гигиена кафедраси —санитария, гигиена ва касалликларни олдини олиш институти билан, ортопедия ва травматология кафедраси — Республика Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги ортопедия ва травматология институти билан. Бу даврда ўқув, ўқув-услубий, илмий ва даволаш ишлари яхшиланиб, институтнинг халқаро алоқалари кенгайди. З. Семмельвейс (Венгрия) номидаги Будапешт тиббиёт университети, Лейпциг тиббиёт университети (Германия), Пловдив тиббиёт институти (Болгария), Гдань тиббиёт академияси (Польша) билан ўзаро ҳамкорлик шартномалари тузилди. Чет эл талабалари сонининг ортиши тегишли бўлим ташкил қилинишини талаб қилди, шунга кўра халқаро алоқалар проректори лавозими киритилди. Бу лавозимга проф. Вахабов У. К. тайинланди. Кейинги йилларда унинг ўрнини проф. Каримов X. Я., т.ф.д. Ходжаев А. И эгаллади.

1984 йил профессор Маҳмудов О.С. Тошкент Давлат Тиббиёт Институти ректори этиб тайинланади. Бу йилларда институтда ўқув, ўқув-услубий, илмий ва даволаш ишларини мукаммаллаштириш ишлари давом эттирилди.

Бу давр жамиятни демократлаштириш жараёнига тўғри келиб, 1987 йил институтда ректор сайлови ўтказилди. 12 номзоддан муқобиллик асосида овоз беришнинг сўнгги босқичида Тошкент Давлат Тиббиёт Институти ректори этиб проф. Шомирзаев Н.Х. сайланди.

Бу вақтда институт факультетлари тизимига баъзи бир ўзгартиришлар киритилди, алоҳида кафедралар қайтадан ташкил қилинди. Профессор-ўқитувчилар таркиби малакали кадрлар тайёрлаш йўлида турган масалаларни ечиш бўйича қизғин иш олиб боришди.

1990 йилда Тошкент Давлат тиббиёт институти ректори лавозимига педатрия илмий текшириш институти директори лавозимида ишлаб келаётган профессор Даминов Т.А. тайинланди.

Бу йилларда Тошкент Давлат Тиббиёт Институтида Россия ва Украина олий ўқув юртлари 1-курсига қабул қилиш жараёни амалга оширилди. 2 йил ичида Россия Федерацияси ва Украинадаги турли олий ўқув юртларига 2000 га яқин киши юборилди. Бундай шароитда бир қанча базада жойлашган институтни бошқариш қийинчилик туғдирди ва 1990 йил институтни Биринчи ва Иккинчига бўлиш қарори қабул қилинди.

Иккинчи Тошкент давлат тиббиёт институти ректори лавозимига профессор Каримов Х.Я. тайинланди.

1991 йил 31 август Ўзбекистон халқи ҳаётида муҳим тарихий воқия юз берди, Давлат суверенитети тўғрисида декларация қабул қилинди.

Соғлиқни Сақлаш соҳасида давлат сиёсати тубдан янгиланди. Интенсивдан экстенсив усулга катта бурилиш қилинди.

Ўзбекистонни мустақилликка эришиши Республика халқи олдида янги ривожланиш йўлини очди, фан ва санъатнинг кейинги юксалиши учун туртки берди. Институт олимлари турли касалликларни олдини олиш, ташхислаш ва даволаш, оналар ва болаларга даволаш- профилактик ёрдам кўрсатишни ташкил қилиш ва бошқа муаммоларини ҳал қилиш устида иш олиб бормоқдалар. Мустақиллик йиллари институтда қўлга киритилган ютуқлар – аждодлар меросини сақлаш, бойитиш ва албатта институт ҳодимларининг узлуксиз меҳнати натижасидир. Институт профессорлари, ўқитувчилари, талабалари ва ҳодимлари президентимиз И.А. Каримовнинг “Тарихий хотирасиз келажак йўқ.” – деган сўзларини доим ёдда тутишади. Улар орамизда бўлмаса ҳам, у инсонларнинг меҳнатлари маҳсулидан ҳозирги ёшлар бахраманд бўлаётганликлари сабабли миннатдорлик ҳисси билан хотирланади.

Институт жамоаси ташкилий, ўқув-илмий ва даволаш ишларини такомиллаштиришни, қўлга киритилган ютуқларни зудлик билан соғлиқни сақлаш амалиётига тадбиқ қилишни, мутаҳассис-шифокорлар тайёрлаш сифатини оширишни, талабаларнинг жамоавий фаоллигини кучайтириш ва олий мактаб олдида турган муаммоларни ҳал қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.  

Президентимиз И.А. Каримов ташаббуси билан қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги, “Соғлиқни Сақлаш тўғрисида”ги қонунлари, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури олий таълим билан бирга тиббиётнинг ривожланишида йўлчи юлдуз вазифасини ўтамоқда.

Институтда таълим бериш тубдан ўзгартирилди. 1-курсга қабул қилинувчилар сифат жиҳатидан яхшиланди. Талабалар, клиник ординаторлар ва аспирантларнинг бир қисми шартнома асосида таҳсил олишмоқда. Талабаларни баҳолашда рейтинг тизими жорий қилинган, ўргатувчи ва назорат қилувчи компьютер дастурлари, электрон дарсликлар, маърузалар ва ўқув-услубий қўлланмалар, интерфаол ўқитиш ва бошқа ўқув технологиялари тадбиқ қилинмоқда.

Рейтинг назоратини қўллаш орқали талабалар билимини баҳолашни ташкил қилиш замонавий педагогик технологияси таълим жараёнида муҳим ўрин эгаллайди. Бу йўналишда институтда қуйидаги ишлар бажарилган:

-          барча фанлар бўйича наъмунавий дастурлар яратилган,

-          компьютер ўргатувчи дастурлар яратилган,

-          мавжуд видео ва кинофильмлар амалиётда кенг қўлланилмоқда,

-          янги видеотасмалар тайёрлаш ва уларни ўқув жараёнида кенг қўллашни ташкил қилиш,

-          талабаларнинг мустақил тайёрланишларида мавжуд видеоматериаллардан фойдаланишлари учун маҳсус шароитлар яратилган,

-          таълим беришда барча фанлар бўйича керакли топшириқ ва тегишли материаллар тайёрланган,

-          эксперт ташхислаш ва даволаш алгоритмлари яратилган.

1991-2011 йиллар оралиғида институт клиникалари моддий-техник базаси яхшиланди: янги замонавий ускуналар олинди. (ядро-магнит резонанс томографи,           ультратовуш текширув қурилмалари, лаборатория анжомлари, стоматологик ускуналар).

2005 йил Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан Биринчи ва Иккинчи Тошкент Давлат Тиббиёт Институти базалари бирлаштирилиб, Тошкент Тиббиёт Академияси ташкил қилинди. Унинг ректори этиб 2-Тошкент Давлат тиббиёт институти ректори лавозимида ишлаб келган профессор Каримов Ш.И. тайинланди.

Тошкент Тиббиёт Академияси таркибида: даволаш, стоматология, тиббий-педагогика, тиббий-профилактика, олий маълумотли ҳамшира факультетлари, магистратура ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш бўлими; марказий илмий-тадқиқот лабораторияси; ўқув музейи; кутубхона, 3та клиника ва бошқалар мавжуд.

Меню
Энг кўп ўқилган янгиликлар
Системага кириш

Ҳаволалар
gov-uz

Ўзбекистон Республикаси

Ҳукумати Портали

 www.gov.uz

minzdrav

Ўзбекистон Республикаси

Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги

www.minzdrav.uz

minzdrav

Тошкент Тиббиёт

Академияси

www.tma.uz

 

Тошкент тиббиёт академияси 3-клиникаси.
Ўзбекистон, Тошкент ш, Тараққиёт к, 103. Тел.: +(99871)-289-43-62 (24 соат). e-mail:info@3-klinikatma.uz
Сайт ва дастурлар ишлаб чиқариш Greencode МЧЖ