Тошкент Тиббиёт Академияси 3-Клиникаси
          
Бош саҳифаМақолаларДонорлик

Донорлик

 

Қон топшириш иима учун керак?
Қон - бу ҳаёт. Қоннинг қийматини дунёда ҳеч бир нарса билан таққослаб бўлмайди. Қон ва унинг таркибий қисмлари бемор ҳаётини сақлаб қолиш учун муҳим воситадир. У қон касалликларида (оғир даражали камқонлик, оққон, қон ивиш тизими бузилган касалликлар), саратон касалликларида, асоратли кечадиган туғруқларда, она ва бола ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида, ва турли хил фавқулотдаги ҳолатларда муҳим аҳамиятга эга. Донорлик нафақат амалий, балки ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда ҳам муҳимдир, жамиятимизга зарур бўлган хусусиятлар - ватанпарварлик, сахийлик, кўнгилчанлик, жафокашликни тарбиялайди.
Қон донори - ўз қони ва унинг таркибий қисмларини тиббиёт эҳтиёжлар учун тақдим этадиган жисмоний шахсдир. Қон донорлигининг асосий принципи - ўз ҳоҳиши билан беғараз қон бериш.
Ким қон донори бўлиши мумкин?
Ўзбекистонда 18 ёшга тўлган, вазни 50 кг.дан юқори бўлган, жинси, касби, миллатидан қатъий назар ўзини соғлом деб хисоблаган, ҳар бир инсон донор бўлиб қон топшириши мумкин. Қон тоишириш учун албатта шахсини тасдиқловчи ҳужжат бўлиши шарт (паспорт, харбийлар учун- ҳарбий гувохнома)
Қон топшириш жараёнида нима кузатилади ?
Қон топширишдан аввал Сиздан қандай касалликлар билан оғриганингиз, ҳозирда соғлиғингиз, яқин орада ичган дори-дармонларингиз ва ҳаёт тарзингиз ҳақида маълумот йиғилади. Бу саволлар Сизнинг соғлиғингиз ва сизни қонингизни қабул қилаётган инсонни соғлиғини мухофаза қилиш учунгина берилади. Савол-жавоблардан сўнг сизни бармоғингиздан гемоглобин миқдорини аниқлаш мақсадида бир томчи қон олинади. Сўнгра шифокор Сизни тери ва шиллиқ қаватларингизни, қон босимингизни, пульсингизни текширади. Текшириш натижаси яхши чиққан тақдирдагина Сизга қон топширишга рухсат берилади.
Қон топшириш муолажаси жуда оддий. Сизга махсус креслога жойлашиб ўтиришингиз таклиф қилинади. Тирсак соҳасини ички қисми териси антисептик суюқлиги билан артилади, сўнгра венадан қон йиғадиган махсус пластик қопчага бириктирилган стерил игна ёрдамида қон йиғилади. Қон топшириш асосан 10 дақиқа давом этади. Қон топшириб бўлганингиздан сўнг Сизга ширин чой ва енгил егулик таклиф қилинади. Шундан сўнг Сиз ўзингизни доимий кун тартибингизни давом эттиришингиз мумкин. Имкон қадар кунни қолган қисмида оғир жисмоний ишдан ўзингизни чегаралашингиз ва кўпроқ суюқлик истемол қилишингиз тавсия этилади.
Қанча қон олинади?
Хозирда мамлакатимизда олинадиган қон миқдори организмдаги умумий қон миқдорини 10%, яъни 350-450 миллилитрни ташкил қилади (катта одамни организмида ўртача 4.5 - 5.0 литр қон айланади). Сизнинг организмингиз йўқотган суюқлик миқдорини 36 соат ичида тиклаб олади.
Донор ва унинг ҳуқуқлари.
Донор - бу ҳурматга сазовор инсон, хусусан унииг ҳуқуқлари ҳимояланган бўлиши керак.:
1. Тиббий таҳлил натижаларининг сир тутилиши кафолатланади.
2. Тиббий таҳлиллар бепул ўтказилади (умумий қон таҳлили, жигар кўрсаткичлари, қон гуруҳини ва резус омилини аниқлаш, ОИВ/ОИТС, гепатит "В" ва "С", бруцеллез, заҳм касаллигини аниқлайдиган)
3. Қон қуйиш марказида юқори тоифали шифокорлар кўриги ва икки кунлик иш ҳақи сақланган ҳолда дам олиши учун қон топширганлиги ҳақида маълумотнома берилади (қон топширган куни ва Донор ҳоҳлаган бошқа бир кун).
Донорликнинг афзаллик томонлари:
1. Донор соғлиги борасида маълумотга эга бўлиб туради, чунки у доимо тиббий кўрикдан ва кенг тарқалган инфекцияларга текширувдан ўтади.
2. Донорлик инфаркт ва бошқа юрак-қон томири касалликлари келиб чиқиш хавфини бир неча марта камайтиради.
3. Инсон кўча тасодифларидан ва хар ҳил офатлардан ҳимояланмаган. Шундай холатларда кўп қон ёқотиш натижасида оғир асоратларни учраши, донорлардан кўра ҳаёти давомида қон топширмаган инсонларда кўпроқ учрайди. Чунки организм қон ёқотишга мослашмаган бўлади.
4. Қон топширгандан кейин инсон қайсидир маънода ёшаради, яъни организмда алмашиниш жараёни содир бўлади. Сиз қон томирингизда айланиб юрган қон таначаларидан халос бўласиз, унинг ўрнига эса суяк кўмиги янги қон ишлаб чиқаради.
Донорлик ҳолати.
Жахон Соглиқни Сақлаш Ташкилоти (ЖССТ) тавсиясига биноан мамлакатни қонга бўлган эҳтиёжини қоплаш учун ҳар 1000 аҳолининг 40-60 таси донор бўлиб қон топшириш керак бўлади. Республикада бу кўрсаткич анча паст ва ҳозирги кунда фақатгина 4 тани (2002 йилда 8 та) ташкил қилмоқда. Бу кўрсаткич бошқа давлатларда қуйдагича: АҚШда - 125 та, Словенияда - 50 та, Франция - 38 та, Россия - 25 та, Қозоғистон Республикасида - 18 та.
Ҳукуматимиз томонидан Қон хизмати муассасаларини янада такомиллаштириш, қон ва унинг препаратлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича жуда катта ишлар амалга оширилди. Республикамиздаги 14 та Вилоят қон тайёрлаш тиббий муассасалари қон тайёрлаш, уни қайта ишлаш, донор қонини текшириш, сақлаш ва даволаш профилактика муассасаларига етқазиш борасида замонавий тиббий техника ва аппаратуралар билан жиҳозланди. Лекин хеч қандай замонавий асбоб-ускуналар қонни хавфсизлигини 100% таъминлаб беролмайди. Бундай қийин масалани ечишда фақатгина доимий, беғараз донорлар ёрдам беришлари мумкин.
Сақланиш муддати чегараланганлиги сабабли қонга доимо эҳтиёж сезилади. Керакли миқдордаги қонни доимо ва ҳар ерда бўлишини таъминлаш учун соғлом инсонларни доимий, беғараз қон донорлигига жалб қилиш ва захирамизни тўлдириб боришимиз зарур. Фан ва техника шиддат билан ривожланган замонда кўпгина дори воситалари ишлаб чиқариляпти, лекин бир томчи қоннинг тўлиқ вазифасини бажара оладиган дори воситалари мавжуд эмас.
Қон топширилиши ва бу қонни бирор бир инсон ҳаётини сақлаб қолиши - инсоннинг инсонга ҳадя этган энг олий даражадаги совғасидир. Ҳаёт ҳадя этиш савоб ишнинг энг олий ифодасидир.
Қон топширсангиз, Сиз бир ёки бир неча инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолган бўласиз. Қон - эритроцит, тромбоцит ва плазма компонентларига ажратилиб, сизнинг қонингиз алоҳида ҳолатларда бир нечта беморларга ёрдам бериши мумкин. Демак, Сиз бир неча инсонни ҳаётини сақлаб қолган бўласиз.
Муаллиф: Адилова Мавлюда Ирисметовна
Қон қуйиш бўлими мудири, шифокор-трансфузиолог

Системага кириш

Ҳаволалар
gov-uz

Ўзбекистон Республикаси

Ҳукумати Портали

 www.gov.uz

minzdrav

Ўзбекистон Республикаси

Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги

www.minzdrav.uz

minzdrav

Тошкент Тиббиёт

Академияси

www.tma.uz

 

Тошкент тиббиёт академияси 3-клиникаси.
Ўзбекистон, Тошкент ш, Тараққиёт к, 103. Тел.: +(99871)-289-43-62 (24 соат). e-mail:info@3-klinikatma.uz
Сайт ва дастурлар ишлаб чиқариш Greencode МЧЖ