Тошкент Тиббиёт Академияси 3-Клиникаси
          
Бош саҳифаМақолаларНаркоз ҳақида

Наркоз ҳақида

 

Наркоз нима? Инсон умри давомида неча марта наркоз олса бўлади? Наркоздан сўнг қандай асоратлар келиб чиқиши мумкин? Бу саволлар бугунги кунда халқимиз орасида кўплаб мухокамалар, бахслар мавзуси бўлиб келмоқда.
Наркоз нима? Наркоз (бошқа номи - умумий анестезия) хирургик операция вақтидаги юзага келувчи оғриқ сезгиси ва бошқа салбий омиллардан беморни ҳимоялаш мақсадида амалга оширилади. Барчамиз стоматолог хузурида бўлганмиз ва муолажа аввалида одатда стоматолог шифокор оғриқсизлантириш учун милкимизга анестетик модда (масалан лидокаин) юбориб даволаниши лозим бўлган тиш жойлашган соҳани “музлатиб” қўйгани ва бизга шу туфайли оғриқ сезилмаганлиги барчамизга таниш ҳолат. Стоматолог томонидан қилинган айнан шу “музлатиш” илмий тилда анестезия деб аталади. Ўзбек тилида бу сўз “сезгини йўқотиш”, “хиссизлантириш” маъноларини беради, яъни ўша анестезия қилинган соҳада нафақат оғриқ, балки ҳарорат, тактил (бирор нарса тегаётганлигини сезиш) сезгилари ҳам йўқолади. Англаганингиздек, “анестезия” атамаси “оғриқсизлантириш” сўзидан кўра бироз кенгроқ маънога эга. Наркоз ҳам анестезиянинг бир тури, лекин оддий “музлатиб” қўйишдан анча мураккаблиги билан фарқ қилади. Наркоз вақтида махсус дори препаратлари таъсирида инсон бош мияси тормозланади ва бемор хушини йўқотади, яъни у чуқур уйқуга кетади (албатта маълум вақт давомида). Шунинг учун наркоз умумий анестезия дейилади. Биз юқорида келтирган мисолда стоматолог шифокор томонидан бажарилган анестезия эса англаганингиздек маҳаллий анестезия деб номланади.
Албатта умумий анестезия (наркоз) маҳаллий анестезиядан кўра мураккаб бўлиб, юқори малака, замонавий қурилмалар, беморга ўта юқори даражада эътибор талаб этувчи жараён ҳисобланади. Лекин беморнинг ҳаётини сақлаб қолиш, саломатлигни тиклаш ёки ҳаёт сифатини яхшилаш мақсадида бажарилаётган мураккаб хирургик амалиётлар кўпинча фақат наркоз остида бажарилиши мумкин. Шунинг учун ҳам наркоз махсус кваливикацияга эга бўлган алоҳида шифокор – анестезиолог томонидан амалга оширилади.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, халқимиз орасида кенг тарқалган янглиш фикрлардан бири, яъни наркозда инсон умрини қисқартириш хусусияти борлиги мутлақо асоссиздир. Мисол тариқасида келтириш мумкинки, оғир даражадаги куйишлар билан жарохатланган бир бемор 2 йил давомида 60 га яқин наркозни бошдан кечирган. Орадан йиллар ўтиб у яшашда давом этмоқда ва аста секин соғайиш даврини бошдан кечирмоқда. Наркоз агар аҳоли орасида тарқалган бояги “умрни 2-3 йилга қисқартириш” хусусиятига эга бўлганида бу одам аллақачон орамизда йўқ бўларди. Бундай мисоллар кўп. Ўйлаймизки наркознинг бу афсонавий хусусиятига бошқа тўхталиб ўтирмаймиз.
Бироқ наркоз мутлақо хавсизми? Очиғини айтганда беморда хирургик йўл билан бартараф этилиш лозим бўлган касаллик мавжуд бўлганда ва жаррохлик амалиёти умумий анестезия (яъни наркоз) остида ўтказилиши лозим бўлган ҳолларда инсонда бундан бошқа танлов бўлмайди ҳам.
Наркоз албатта организмга маълум даражада ўз салбий таъсирини кўрсатади. Булар асосан ҳотира бузилиши, бош ориқлари, уйқунинг бузилиши кабилардир. Илмий тилда бундай ўзгаришлар когнитив бузилишлар номини олган. Бироқ кўп ҳолларда бу ўзгаришлар биринчи суткада ўтиб кетади. Кам ҳолатларда узоқроқ (1-2 хафта) давом этиши мумкин. Жуда кам ҳолларда бундай ўзгаришлар узоқ вақт давом этгани (1 йилгача) беморлар томонидан таъкидланган. Наркоздан кейин хотира бузилиши, бош оғриқлари, уйқу бузилиши каби ўзгаришларнинг келиб чиқиш сабаблари нима ва улар нимага боғлиқ? Албатта ўтказилган наркозларнинг умумий сонида юзага келган бундай салбий ҳолатлар улуши анча оз. Аксарият ҳолатда бугунги замонавий тиббиёт шароитида наркоздан сўнг ҳеч қандай салбий ўзгаришлар кузатилмайди: бемор операциядан олдин уйқуга кетади ва уйғонганида операция якунланган бўлади, уни кейинчалик ҳеч қандай хотира ёки уйқу бузилишлари, бош оғриқлар безовта қилмайди. Ундай бўлса салбий ҳолатларнинг юзага келиши нималарга боғлиқ, кимларда бу ҳолатлар кузатилади? Юқорида келтирилган ножўя оқибатларнинг юзага келиши кўп омилларга боғлиқ: ўтказилан операциянинг тури, характери ва давомийлиги, операциянинг мураккаблиги ва қай даражада муваффаққиятли амалга оширилганлиги, беморнинг индивидуал хусусиятлари, қолаверса анестезиолог малакаси ва фойдаланилган препаратларга ҳам боғлиқ. Наркоз туфайли юзага келиши мумкин бўлган биз юқорида таъкидлаб ўтган когнитив бузилишлар ўткинчи характерга эга. Бундай салбий ҳолатларнинг юзага келиш эхтимоллиги, уларни олдини олиш ҳақида операциядан олдин шифокор анестезиологдан батафсил маълумот олишга ҳаракат қилиш лозим. Қолаверса шуни унутмаслигимиз лозимки, анестезиологик ёрдам, хусуан наркоз бу аввало ҳимоядир, яъни у инсон организмини хирургик операция агрессияси ва операциядан сўнг юзага келиши мумкин бўлган асоратлардан ҳимоя қилади, уларни олдини олади.
Бугунги кунда кўплаб хирургик операциялар вақтида, жумладан акушерлик амалиётида ҳомилани кесар кесиш операцияси ёрдамида туғдириб олишда оғриқсизлантириш учун орқа мия анестезияси (спинал ва эпидурал анестезиялар) кенг қўлланилиб келинмоқда. Бу анестезялар вақтида инсон хушида бўлади, табиийки бу оғриқсизлантириш усулларини ҳам маҳаллий анестезиянинг турлари десак тўғри бўлади. Спинал, эпидурал ва бошқа оғриқсизлантириш усуллари ҳақида кейинги мақолаларимизда батафсил маълумот беришга ҳаракат қиламиз.

Азамат Алимов
Шифокор анестезиолог-реаниматолог

Системага кириш

Ҳаволалар
gov-uz

Ўзбекистон Республикаси

Ҳукумати Портали

 www.gov.uz

minzdrav

Ўзбекистон Республикаси

Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги

www.minzdrav.uz

minzdrav

Тошкент Тиббиёт

Академияси

www.tma.uz

 

Тошкент тиббиёт академияси 3-клиникаси.
Ўзбекистон, Тошкент ш, Тараққиёт к, 103. Тел.: +(99871)-289-43-62 (24 соат). e-mail:info@3-klinikatma.uz
Сайт ва дастурлар ишлаб чиқариш Greencode МЧЖ