Тошкент Тиббиёт Академияси 3-Клиникаси
          
Бош саҳифаМақолаларТеридаги оқ доғлар хусусида

Теридаги оқ доғлар хусусида

    Одам танасида кузатиладиган оқ доғлар фан тилида депигментли доғлар деб номланади. Оқ доғлар келиб чиқиши бўйича турлича бўлиши мумкин: витилиго оқ доғлари, махов касаллигида кузатиладиган оқ доғлар, оқ невус, оқ нейродермсит, неврологик касалликларда кузатиладиган оқ доғлар, Ито синдроми, Милианнинг оқ атрофияси, альбинизм, эндокрин ва онкологик касалликларда кузатиладиган тери депигментацмялари, бош мия травмаси оқибатида келиб чиқадиган оқ доғлар, болаларда мальабсорбция синдромида кузатиладиган оқ доғлар ва бошқа турдаги депигментациялар.

   Юқорида санаб ўтилган депигментли доғларнинг табиатини аниқлаш учун клиник визуал текширувлар, лаборатория ва тиббий асбоблар ёрдамидаги текширувлар зарур.

   Оқ доғларни шифокорлик амалиётида энг кўп учрайдиган тури – бу витилиго касаллигидир. Бундай доғлар аксарият ҳолларда беморларни безовта қилмайди яъни оғримайди, қичимайди. Ушбу доғлар кўпинча баҳор ва ёз ойларида қўзийди, беморнинг соғлигига хавф туғдирмайди, бемордан соғлом кишига юқмайди, безарар. Аммо терининг у ёки бу соҳасидаги депигментация (терининг оқариши) ёқимсиз ва хунук бўлиб, баъзилар жирканишлари мумкин. Аксарият беморлар дардини яширадилар, агар бемор қиз бола бўлса, унинг ҳаётига авас қилиб бўлмайди.

 Витилигонинг клиник белгилари. Ушбу касалликда терининг турли соҳаларида сутдек оппоқ доғлао пайдо бўлади. Улар айлана-овал шаклида, узунчоқ, шаклсиз ёки нотўғри бетартиб жойлашган, бир-бирлари билан қўшилишга мойил. Баъзан касаллик  фаоллашганда, географик харитадаги қитъаларни эслатувчи манзара ҳосил қилади.

   Касалликни чегараланган, тарқалган ва сегментар турлари фарқланади.

   Чегараланган турида кўпинча битта, баъзан икки-учта оқ доғлар кузатилади. Улар фақат оғиз атрофида ёки кўз атрофида жойлашган бўлиши мумкин. Тарқалган турида оқ доғлар кўп сонли, ҳар йили кўпинча баҳор ва ёз фаслида эски доғлар катталашади, шунингдек, янги оқ доғлар пайдо бўлади. Шу тариқа йилдан йилга кўпайиб бораверади. Сегментар витилигода доғлар кўпинча асаб толалари йўналиши бўйлаб жойлашади. Бунда доғлар секин ривожланади, баъзан йиллар давомида ўзгармай қолади.

   Таъкидлаш жоизки, оқ доғларнинг табиатни, юзага келтирган патогенетик омилларни, турларин мутахассис аниқлайди, даво режасини ҳам дерматолог тузади.

   Диагностикаси. Ушбу касалликка чалинган беморлар терисидаги оқ доғлар гистологик текширувдан ўтказилганда, терининг эпидермис қаватида жойлашган меланоцит ҳужайралари нобуд бўлгани  маълум бўлади.

   Одатда соғлом кишилар терисининг ҳар бир квадрат сантиметрида 754тадан 1668гача меланоцит ҳужайралари бўлиши керак (тана терисининг турли соҳаларида меланоцитлар сони турлича). Оқ доғлар соҳасида эса меланоцит ҳужайралари жуда кам сонли бўлади ёки умуман топилмаслиги мумкин.

   Витилиго касаллигига дучор бўлган беморларда депигментли доғлар соҳасида иммунологик тўсиқ мавжуд бўладики, улар доғ худудига меланоцитларнинг киришига тўсқинлик қилади. Аниқроғи депигментация ўчоқлари атрофини Хитой девори каби ўраб олган иммунологик тўсиқ асосан сенсибилизацияланган цитотоксик Т-лимфоцитлардан иборат. Ушбу ҳужайраларни қалъа атрофини ўраб олган ва душманни қалъа ичига киришига тўсқинлик қиладиган лашкарларга қиёслаш мумкин. Электрон микроскопда кузатиш мумкин бўлган мазкур гистологик манзара аутоиммун витилиго диагностикасида муҳим аҳамиятга эга.

   Турли аутоиммун жараёнлар аутоиммун витилигонинг юзага келишига сабаб бўлса, симпато-адреналин тизим фаолиятининг бузулишлари адренэргик витилигони келиб чиқишига сабаб бўлади. Бунда қон ва тўқималарда катехоламинлар  (дофамин, норадреналин, адреналин) миқдори кескин кўпайиб кетади. Ушбу биоген аминлар меланоцитларнинг пролифератив фаоллигини сусайтиради. Натижада меланин пигментининг ҳосил бўлиши кескин камаяди. Боз устига турли ташқи ва ички негатив омиллар таъсирида ўчоқли капилляропатияларнинг ривожланиши мазкур соҳаларда (зоналарда) жойлашган меланоцитларнинг нобуд бўлишига сабаб бўлади. Терининг 1 квадрат см юзасида оқ жоғ ҳосил бўлиши учун 1000-1500 меланоцит нобуд бўлиши керак. Энг кичик оқ доғ ҳосил бўлишиучун ўртача юз дона меланоцит нобуд бўлиши керак. Ушбу патологик жараён нуқтасимон витилиго деган ном олган.

   Витилиго доғининг ҳосил бўлишида яна 2 фаол модда – серотонин ва мелатонин муҳим роль ўйнайди. Маълумки триптофан деб номланувчи аминокислотв симпато-адреналин тизим фаоллиги ошганда катехоламинлар таъсирида N ацетил серотонингга айланади. Катехоламинлар миқдорининг тери тўқимасида тўпланиши ( бу ҳол асосан капилляропатия кузатиладиган зоналарда учрайди) серотонин миқдорининг ошишига олиб келади. Серотонин эса метилаза ферменти таъсирида мелатонинга айланади. Бу икки фаол модда (серотонин ва мелатонин) ҳам меланоцит ҳужайрвларига танлаб салбий таъсир этади ва уларни нобуд қилади. Шу йўсинда оқ доғ ҳосил бўлиш жараёнини тезлаштиради.Таъкилаш керакки, метилиза асосан тунда фаолдир яъни қоронғида бу ферментнинг фаоллиги ошади. Шу сабаб бўлса керак, теридаги оқ доғлар кўпинча тунда ҳосил бўлади.

   Даволаш нуқтаи назаридан шуни ёдда сақлаш лозимки, клиник табобатда кенг қўлланиладиган ципрогептадин (дорихоналарда перитол номи билан сотилади) серотонин фаоллигини сусайтиради яъни антихоленэргик таъсирга эга. Шу сабаб адренэргик витилигода оқ доғларнинг пайдо бўлишини секинлаштириш мақсадида қўллаш мақсадга мувофиқ. Ушбу препаратни кечки соатларда қуёш ботгандан сўнг қабул қилиш тавсия этилади.

   Витилиго беморларини даволаш. Ушбу касалликни аниқ этиологик омили мавжуд эмаслиги сабаб даволаш патогенетик тарзда олиб борилади. Патогенетик омиллар турли лаборатория тахлиллари ва тиббий асбоблар (УТТ, доплерография, МРТ, КТ) ёрдамида аниқланади. Шунингдек, касалликни даволашда қўлланиладиган специфик дори воситалари йўқ ҳисоб. Даволаш жараёнида кузатиладиган баъзи тушунмовчиликлар, беморларнинг норозиликлари сабаблари ана шу патогенетик омилларнинг турли туманлиги, кўпчилик ҳолларда патогенетик омилларни бутунлай бартараф этишнинг имкони йўқлиги билан боғлдиқ.

   Аниқланган омилларнинг тури ва характерига қараб баъзан бир эмас, бир неча гуруҳ дори воиталарини қўллашга тўғри келади. Бу ҳол бир томондан полипрагмазияга олиб келса, иккинчи жиҳати доривор моддалар аллергиясига олиб келиши мумкин. Шу сабаб шифокор қўлланилиши лозим бўлган препаратларни шартли гуруҳларга бўлиб , навбатма-навбат яъни босқичма-босқич)  буюради. Бу ҳол даволаш муддатини узоқ муддатга чўзилиб кетишига олиб келиши мумкин.

   Даволаниш жараёнида юзага келадиган муаммолардан бири фотохимиотерапия билан боғлиқдир.Ультрабинафша нурлари ёрдамида даволайдиган тиббий асбоблардан тўғри ва оқилона фойдаланиш учун бемордан етарли даражада кўникма талаб этилади. Тери-таносил диспансерларига қатнаб нур олиш имкони барча беморларда йўқ.. Ушбу  муаммо айниқса олис қишлоқларда, чўл зоналарда ёки тоғли худудларда истиқомат қилувчи беморларга тегишли. Баъзи қишлоқ врачлик пунктларида кварц асбоби йўқ бўлса, иккинчиларида малакали тиббиёт ходими йўқ. Униси ҳам буниси ҳам мавэуд бўлса, фототерапия ўтказилажак тери соҳасида биологик дозанини аниқлашга боғлиқ муаммолар ҳам содир бўлиши мумкин. Гап шундаки, терининг ультрабинафша нурларига нисбатан сезувчанлиги турли соҳаларда турлича. Шу сабаб биологик доза турли оқ доғларда турлича экани сабаб беморни бир текис нурлашнинг имкони бўлмаслиги мумкин. Бордию бемор тиббий асбобдан фойдаланмай қуёш нурларига тобланиб даволанаётган бўлса-чи? Бундай беморларда қуёшга тобланиш икки ҳисса қийинчиик туғдиради. Фототерапиянинг икки турида (сунъий ва табиий) ҳам терининг куйиш (фотодерматит) эҳтимоллиги юқори. Бас, шундай экан, фототерапиясиз даволаниш мақсадга мувофиқдир. Қолаверса дунёнинг қатор етакчи мутахиссислари ушбу усулдан воз кечмоқдар.

Бундан ташқари қуёш нурларининг салбий таъсири кўп йиллик кузатувлар натижасида аниқланган. Витилиго доғлари аксарият ҳолларда баҳор ва ёз фаслида қўзиши шифокорларга маълум. Шу боис бморларга қуёшда тобланишни маслаҳат бермаймиз.

   Касаллик қўзиган даврида топик кортикостероид малҳамлар суртиш мақсадга мувофиқдир. Бордию фойда бермаса, тизимли кортикостероид препаратлар қўлланилади (таблетка ёки инъекция кўринишида)  Бундан ташқари бузилган оксидланиш жараёнини тиклпш мақсадида антиоксидантлар қўлланилади. Самарали ва камзарар антиоксидант – бу аскорбин кислотасидир. Шунингдек, тиосульфат натрийни вена томирига юбориш яхши самара беради.Бордию витилиго доғларининг пайдо бўлишига турли табиатга эга бўлган интоксикациялар сабаб бўлган бўлса, .дезинтоксикация препаратдари ёрдамида токсин титрини камайтириш кутилган самара беради. Айниқса паразитлар оқибатида юзага келадиган интоксикациялар (аскарида, острица каби гельментлар, лямблиялар) амалиётда кўп учрайди. Қон ва тўқималарда тўпланадиган токсинлар миқдорининг камайиши депигментли доғлар пайдо бўлишини сусайтиради. Дезинтоксикацион тизим самараси айниқса витилигонинг қўзиган даврида яққол сезилади.

Бундан ташқари адренэргик витилигода катехоламинлар миқдорини камайтириш мақсадида тинчлантирувчи ва нейротроп, препаратлар тавсия этиш, шунингдек, марказий ва периферик асаб тизимини меъёрлаштирадиган дори воситаларини тавсия этиш лозим. Қисқаси, патогенетик омилларни аниқлаш ва уларнинг такъсмрини бартараф этиш самардорлик гаровидир.

   Касаллик фаол давридан стационар даврга ўтганда, терини озиқлантирувчи препаратлар (витаминлар, микроэлементлар, каротин ва бошқалар) буюриш лозим. Бундан ташқари текширувлар натижасида аниқланган омилларни бартараф этиш жуда муҳимдир.Узоқ муддатли касалликда беморларни даволашда пиротерапия ўтказиш, зулук билан даволаш яхши самара беради.Ҳамроҳ касалликларни даволаш, айниқса эндокрин касалликлар, сурункали кечадиган йирингли ўчоқлардан бемор оргнизмини ҳолос этиш муҳим амалий аҳамиятга эга. Сурункали отит, гайморит, фронтит, пародонтит, пиелонефрит каби хасталикларни даволамасдан туриб даволаш самарадордигини ошириб бўлмайди.

   Ҳурматли мухлис! Кейинги йилларда интернет тармоғи кенг қулоч ёйиб. узоқ қишлоқларга ҳам етиб бормақда. Бу қувонарли, албатта. Аммо интернитда баён этилган маълумотлао асосида беморлар ўз-ўзларини даволашлари нотўғри. Бу ҳол ёмон асоратларга сабаб бўлиши мумкин. Барча ҳолларда шифокор маслаҳатига амал қилган ҳолда даволанган маъқул.

   Юқорида таъкидлаганимиздай, теридаги оқ доғларнинг табиати турличадир. Бошқа турдаги доғлар ҳақида, улардан холос бўлиш йўллари ҳақида кейинги сонларимизда хабар берамиз.

 

   Шу ўринда маълум қилмоқчимизки, Тошкент тиббиёт академиясининг 3-клиникси маслаҳат поликлиникасида (11-хона) доцент Ахмедов КР. оқ доғларнинг диагностикаси ва даволаш бўйича малакали маслаҳат беради.. Шифокор ҳафтанинг сешанба, пайшанба ва шанба кунлари соат 8 дан 13 гача қабул қилади. Клиниканинг марказий лабораториясида керакли барча текширувлар ўтказилади.

Муаллиф: Қахрамон Ахмедов

тиббиёт фанлари номзоди, доцент, Турон Фанлар Академисининг ҳақиқий аъзоси

Системага кириш

Ҳаволалар
gov-uz

Ўзбекистон Республикаси

Ҳукумати Портали

 www.gov.uz

minzdrav

Ўзбекистон Республикаси

Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги

www.minzdrav.uz

minzdrav

Тошкент Тиббиёт

Академияси

www.tma.uz

 

Тошкент тиббиёт академияси 3-клиникаси.
Ўзбекистон, Тошкент ш, Тараққиёт к, 103. Тел.: +(99871)-289-43-62 (24 соат). e-mail:info@3-klinikatma.uz
Сайт ва дастурлар ишлаб чиқариш Greencode МЧЖ