Тошкент Тиббиёт Академияси 3-Клиникаси
          
Бош саҳифаЯнгиликларФаровон турмуш – бахтли ва саодатли умр маҳсули

Фаровон турмуш – бахтли ва саодатли умр маҳсули

Осойишта ҳаёт, фаровон турмуш, бахтли ва саодатли умр кечириш, бу олижаноб истаклар маънавияти юксак, дунёқараши теран, тафаккури уйғоқ ҳар бир миллатнинг азалий орзусидир. Бундай эзгу мақсадларга эришиш учун мавжуд шароитлардан унумли фойдаланиб, барча имкониятларни сафарбар этсанг арзийди. Шукрки, бугун тинчлик барқарор мамлакатимиз аҳолиси ушбу бахтдан баҳраманд бўлиб яшамоқда. Зеро, халқимизнинг матонати, тинчликпарвар, меҳнатсевар, тадбиркор, бунёдкор, танти ва инсонийлик фазилатлари ана шундай мукофотга муносибдир.
Бугун мамлакатимизнинг қай гўшасида бўлманг, халқимиз омилкорлиги эвазига ҳудудлардаги барча тармоқлар изчил ривожланмоқда. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб эълон қилиниши бу борадаги фаолиятлар самарадорлигини янада жадаллаштирди. Шубҳасиз, мазкур жараён мамлакатимизни ривожлантиришда янги босқични бошлаб берди. Бу эса давлатимиз раҳбарининг жойларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, йирик лойиҳалар билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида вилоятларга уюштирган ташрифи чоғида ҳудудлардаги мавжуд аҳвол ва уларга нисбатан билдираётган танқидий-таҳлилий муносабатлари, олиб борилаётган ишлар хусусида илгари сураётган таклиф, фикр ва мулоҳазаларида ҳам ўз ифодасини топмоқда.
ХАЙРЛИ ҲАР ИШДА
БАРАКА БЎЛАР
Айтиш жоизки, бугунги кунда Юртбошимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган мақсад, аввало, халқимизнинг турмуш фаровонлигини таъминлашдан иборатдир. Шу боис, Президентимиз мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳамда ишлаб чиқариш субъектларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалигига илғор тажрибаларни жорий этиш орқали мўл ҳосилдорликка эришиш, етиштирилаётган маҳсулотлар ҳажмини кенгайтириш, маънавий-маърифий, маданий масалаларнинг боришига жиддий эътибор қаратмоқда. Яъни, ҳаётимиздаги ҳеч бир жабҳа давлатимиз раҳбарининг назаридан четда қолаётгани йўқ. У хоҳ қурилиш ва бунёдкорлик соҳаси, хоҳ ижтимоий аҳамиятга эга бошқа бир тармоқ бўлмасин, албатта, бу борада ўзининг зарурий ҳамда керакли кўрсатмаларини бериб келмоқда. Шунингдек, хорижий давлатлар билан йирик қўшма лойиҳаларни тузиш, жаҳон тажрибасини ўзлаштирган ҳолда маҳаллий ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириш натижасида ички бозорни арзон ва сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш, экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари ишлаб чиқилмоқда. Ҳатто, Президентимиз ташаббуси билан жойларда тадбиркорликнинг янги йўналишлари йўлга қўйилмоқда. Хусусан, бугун қишлоқ ҳудудларида ўзининг хусусий тадбиркорлик фаолиятини юритиш истагида бўлган аҳоли вакилларига кам харажат эвазига катта даромад келтирадиган паррандачилик, чорвачилик, балиқчилик, тухум, қуён гўшти ҳамда боғдорчилик ва полиз экинларини етиштириш билан шуғулланиш учун имтиёзли кредитлар тақдим этиш асосида кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Бу эса эртанги кун, келажакка мустаҳкам ишонч, фаровонлик сари узоқни кўзлаб танланган энг тўғри йўлдир. Бу аҳолининг даромади ортиб, жамият тараққиёти мустаҳкамланиб, мамлакат нуфузи янада яхшиланишининг кафолати деганидир. Шулардан келиб чиққан ҳолда Юртбошимизнинг: "Халқ бой бўлса, давлат бой бўлади" деган сўзлари ҳозирданоқ амалда ўз тасдиғини топмоқда, деб бемалол айта оламиз.
Ушбу жараёнларнинг барчаси таҳлилий хулосалар натижасида тизимли йўлга қўйилаётганини ҳам таъкидлаш керак. Бу борада аҳолининг шароит ва имкониятлари инобатга олиниб, уларга ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлашида иқтисодий асослар яратиб берилмоқда. Узоқ ва қисқа муддатли имтиёзли кредитлар ажратилмоқда. Халқимиздан эса биргина вазифа, у ҳам бўлса яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиш талаб этилади, холос. Айтиш муҳимки, булар олиб борилаётган ислоҳотларнинг бир қисми. Олдинда эса ҳали бажарилиши лозим бўлган вазифалар кўп ва албатта, уларнинг барчаси халқимиз билан бамаслаҳат амалга оширилади.
ОБОДЛИККА ЙЎЛ
КЎНГИЛДАН
БОШЛАНАДИ
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳар бир нутқида, жойларга ташрифи давомида ҳам бир фикрни кўп бора таъкидламоқдалар, яъни бугунги бош мақсадимиз жамият тараққиётини таъминлаш экан бунинг учун, аввало, халқ дардини тинглаш, орзу-истаклари билан яқиндан танишиш, уларнинг рўёби учун курашиш зарур. Зеро, инсон манфаатлари барча нарсадан устун, улар эса ўзаро мулоқотларда намоён бўлади. Бу фикрлар эса давлатимиз раҳбари асос солган халқ қабулхоналари институти ва виртуал қабулхоналар фаолияти мисолида ўз ифодасини топмоқда. Бунинг натижасида ҳукумат раҳбари билан оддий аҳоли ўртасида мулоқот йўлга қўйилди. Раҳбар ходимларнинг жавобгарлик масъулияти янада ортди. Бунда раҳбарларга халқнинг ўзи муносиб баҳо беради. Шу орқали аҳолининг дарду ташвишлари, жамиятимизда учраётган муаммо ва камчиликлар, қолаверса, мамлакатимиз тараққиёти истиқболида амалга оширилажак ишлар тўғрисида одамларнинг дилдаги гаплари ва муносабати ўрганилмоқда. Бунинг самарасига ҳозирданоқ гувоҳ бўлмоқдамиз. Шу маънода, Юртбошимизнинг куйиб-ёниб айтган сўзлари нечоғлик ҳақиқат эканлигини англаб етдик. Яъни, "Биз кейинги пайтда одамлар билан мулоқот қилишни унутиб қўйдик. Уларнинг ичига кириб, очиқ ва самимий гаплашиш, дардини эшитиш фаолиятимизда, афсуски, охирги ўринга тушиб қолди".
Дарҳақиқат, сўнгги вақтларда чиндан ҳам давлат ва аҳоли ўртасидаги масофа бир қадар узоқлашиб бораётгандек эди. Халқимизнинг аксарияти яқин кунларгача ўзлари истиқомат қилаётган ҳудудлардаги маҳаллий ҳокимият идоралари раҳбарлари, вазирларни айтарлик даражада танимасдилар. Оқибатда, ўзини қийнаётган муаммо, ташвишларга ечим тополмай, кимга ва қаерга мурожаат қилишни билмай кўп сарсон бўларди. Биз халқимизнинг кайфиятини яхши биламиз, бундай муаммолар улар онгида "адолат қарор топмади", деган хулоса шаклланишига асос бўлиб хизмат қиларди. Бугун ушбу масалаларда вазият бошқача, муносабат бутунлай ўзгарди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан одамлар ушбу ғоя ва ташаббусларнинг натижасига амалда ўз ҳаётида ишонч ҳосил қилмоқда. Бу борадаги эзгу ишларни Президентимизнинг ўзи бошлаб бераётгани бизга ибрат бўлмоқда. Айниқса, ҳудудларга ташрифи мобайнида чекка қишлоқ ва олис овулларгача кириб бораётгани, жамиятдаги ижтимоий соҳа объектлари, энг муҳими, одамларнинг хонадонларига ташриф буюриб, аҳолининг турмуш тарзи, яшаш шароити билан яқиндан танишаётгани, юзага келган муаммоларни бартараф этиш бўйича зарурий топшириқлар бераётгани халқимиз кўнглига илиқлик олиб кирмоқда. Пировардида, бугунги кунда давлат органлари раҳбар ва ходимлари, хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, сенаторлар, юқори ташкилотлар масъул ходимлари жойларга бориб, мавжуд ҳолатларни ўрганиш баробарида халқ қалбига қулоқ тутмоқда, ўз ўрнида аҳоли ҳам кўнглидаги гапларни баён этмоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Боиси, барчамиз турмушимиз бундан-да обод бўлишини хоҳлаймиз. Ободликка етакловчи йўл эса кўнгилдан бошланади.
СОҒЛОМ ТУРМУШ –
МУСТАҲКАМ КЕЛАЖАК
Оила – бу Ватан ичра Ватан демак. Унда соғлом турмуш тарзини жорий этиш шу юрт келажагини мустаҳкамлаш билан баробардир. Давлатимиз раҳбари барча соҳалар қатори соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилишга ҳам жиддий эътибор қаратмоқда. Президентимиз раҳбарлигида 2017 йил 5 январь ва 7 февралда ўтказилган Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлаш тизимининг ҳолати, муаммо ва ривожланиш истиқболларига бағишланган мажлис баёнларининг ижросини таъминлаш мақсадда тизим фаолиятини қайтадан таҳлилий кўриб чиқиш масаласи устувор вазифалардан бирига айланди. Албатта, бугунги кунда мамлакатимиз тиббиёт тизимида кардиология, жарроҳлик, кўз микрохирургияси, урология, терапия ва тиббий реабилитация, эндокринология, пульмонология ва фтизиатрия, акушерлик ва гинекология, дерматология ва венерология, педиатрия ҳамда бошқа йўналишлардаги махсус илмий-амалий тиббиёт марказларида юқори сифатли хизмат кўрсатилмоқда. Бироқ соҳанинг барча йўналишлари хусусида, афсуски, бундай фикр билдириб бўлмайди. Шунинг учун ҳам Юртбошимиз биринчи навбатда тиббиётнинг бирламчи бўғини – қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятидаги мавжуд аҳвол, аҳоли эътирозига сабаб бўлаётган муаммо ва камчиликлар, уларни бартараф этиш учун нималарга эътибор бериш лозимлиги тўғрисида зарурий кўрсатмаларни белгилаб берар экан, куюнчаклик билан: "Агар шу ишларни амалга оширмасак, халқ биздан рози бўлмайди", деб такрор-такрор таъкидладилар. Қолаверса, ҳудудларга ташрифи давомида ҳам соҳа мутасаддиларига кўп бора савол билан мурожжат қилади: тўғри, қишлоқ врачлик пунктлари барпо этилган, зарурий жиҳозлар ва шарт-шароитлар яратилган, хўш, нега мазкур муассасаларга аҳолининг мурожаати кам? Албатта бу ўринли савол. Натижада жойларга бориб, вазиятни ўрганиб чиққанимизда гувоҳи бўлаяпмизки, балки айрим ҳудуд муассасаларида шароит талаб даражасига жавоб бермаслиги мумкин, бироқ аксарият ҳолларда бундай муаммоларнинг асосий сабаби ходимларга билим, малака ва тажриба етишмаслиги каби ҳолатлар билан боғлиқлиги маълум бўлмоқда.
Айни шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари ушбу йўналиш -фаолиятини янада токомиллаштириш мақсадида аҳоли саломатлигининг доимий профилактикасини таъминлаш, аҳолини тўлиқ патронаж тизими билан қамраб олиш масаласига жиддий ёндашувни талаб этмоқда. Шу боис, Президентимиз вилоятлардаги поликлиникалар, туман тиббиёт бирлашмалари фаолиятини такомиллаштириш, тез тиббий ёрдам хизматларини янгидан ташкил қилиш, қолаверса, қишлоқ врачлик пунктларини оптималлаштириш юзасидан ҳам зарурий кўрсатмалар берди. Бунинг натижасида эндиликда иш самарадорлиги юқори бўлмаган қишлоқ врачлик пунктлари негизида поликлиникалар ташкил этилиб, уларда умумий амалиёт шифокоридан ташқари, терапевт, педиатр, акушер-гинеколог, стоматолог ва УТД шифокори, кучайтирилган лаборатория, стационар ва кўчма дорихоналар ҳамда тез тиббий ёрдам машинаси хизмати жорий этилади. Шунингдек, давлатимиз раҳбари вилоятларга сафари давомида тиббиёт тизимига, уларда аҳолига кўрсатилаётган хизмат сифатини янада яхшилаш зарурлигини таъкидламоқдалар. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг Нукус филиалида бўлиб, у ердаги аҳвол билан танишар экан, филиал фаолиятини бундан ҳам ривожлантириш бўйича қилиниши керак бўлган ишлар хусусида тегишли вазифаларни белгилаб берди. Айтиш жоизки, Президентимизнинг сафар давомида беморлар билан мулоқотда бўлиши ва улардан ҳол-аҳвол сўраб, тиббий хизмат сифати ҳақидаги фикрлари билан қизиқиши нафақат беморлар, балки бутун халқимизга кўтаринки кайфият улашмоқда. Шунингдек, республикамизнинг Хоразм, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида бўлиб, у ердаги тиббиёт тизими фаолиятига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, яқиндагина Қарши шаҳрида бўлиб, воҳада қурилаётган Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази Қарши филиаллари лойиҳалари билан яқиндан танишиш баробарида ўзларининг керакли фикрларини ҳам билдириб ўтди. Жумладан, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари фаолиятида ҳам ечимини кутаётган масалалар талайгина. Мавжуд марказлар филиалларини вилоятларда ташкил этсак бу борадаги кўплаб масалаларга ечим топиш мумкин, дея таъкидладилар.
Бундан ташқари, вилоятда Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг йилига 700-800 жарроҳлик амалиёти ўтказишга мўлжалланган 150 ўринли Қарши филиали ташкил этилиши бўйича лойиҳалар кўриб чиқилди. Лойиҳага кўра, диабетик нефропатия, умумий эндокринология ва диабетология, қалқонсимон без ва диабетик тўпиқ жарроҳлиги каби бўлимларни ўз ичига оладиган мазкур марказ замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланади. Шу билан бирга, Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази Қарши филиали янги бинода янада такомиллаштирилган марказ сифатида фаолият бошлайди. 120 ўринга мўлжалланган марказда клиник-биохимик лаборатория, автоклав, поликлиника, рентген-эндоваскуляр жарроҳлик бўлими, аритмология, артериал-гипертензия, юрак ишемик касалликлари, реабилитация, кардиожарроҳлик бўлимлари ташкил этилади. Айтиш жоизки, мазкур марказларнинг ташкил этилишидан мақсад, Президентимиз таъкидлаганидек аҳолига янада кўпроқ қулайликлар яратиш, уларнинг соғлиғини ишончли ҳимоя қилишдан иборатдир. Шу ўринда масаланинг яна бир томони намоён бўлади – бу юқори малакали кадрлар масаласи. Сабаби, биз тушуниб етдик, яъни қанчалик замонавий ускуналар билан таъминлаб, мукаммал шароитларни яратиб қўйган билан асосийси мутахассис бўлмаса, ҳеч қандай самарадорлик бўлмайди. Буни қарангки, масаланинг бу жиҳати ҳам давлатимиз раҳбарининг эътиборидан четда қолгани йўқ. Ушбу марказлар фаолиятида хорижий давлатларнинг нуфузли марказлари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, ҳамкорлик доирасида тажриба алмашиш ҳамда кадрлар малакасини мустаҳкамлаш назарда тутилмоқда. Шунингдек, дори-дармон воситаларини ишлаб чиқариш ва уларнинг савдоси билан шуғулланиш борасида олиб борилаётган тартиб, ислоҳотларни ҳам кўриб турибмиз. Мазкур тизимдаги муаммоларга ҳам чуқур эътибор қаратилмоқда. Бу эса ҳар бир тизимдаги фаолиятлар бўйича амалга оширилган ишларнинг ғалвирдан ўтганигина давр талабларига жавоб беради, одамларни рози қилади, деганидир.
Хулоса ўрнида айтиш керакки, Президентимиз раҳнамолигида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар замирида, аввало, мамлакатимиз аҳолисининг турмуш фаровонлигини оширишдек олижаноб мақсад мужассам. Фаровонлик эса манфаатлар ижобати демакдир. Манфаатлар эса ўзаро мулоқотларда ойдинлашади. Шундай экан, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга ошириладиган ислоҳотлар натижасида, аҳолининг даромади ортиб, турмуши яхшиланиши баробарида, саломатлиги мустаҳкамланади. Зотан, соғлом турмуш билан хонадонимиз обод, кўнгил хотиржамлиги бардавом бўлади.

 

 

Манбаа:   uzssgzt.uz

Системага кириш

Ҳаволалар
gov-uz

Ўзбекистон Республикаси

Ҳукумати Портали

 www.gov.uz

minzdrav

Ўзбекистон Республикаси

Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги

www.minzdrav.uz

minzdrav

Тошкент Тиббиёт

Академияси

www.tma.uz

 

Тошкент тиббиёт академияси 3-клиникаси.
Ўзбекистон, Тошкент ш, Тараққиёт к, 103. Тел.: +(99871)-289-43-62 (24 соат). e-mail:info@3-klinikatma.uz
Сайт ва дастурлар ишлаб чиқариш Greencode МЧЖ