Тошкент Тиббиёт Академияси 3-Клиникаси
          
Бош саҳифаЯнгиликларТиббиёт ва жамоатчилик назорати

Тиббиёт ва жамоатчилик назорати

Мамлакатимизда олиб борилаётган ҳар бир эзгу саъй-ҳаракат "Ислоҳот — ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун" деган улуғвор мақсадга қаратилаётганлиги туфайли янада аҳамиятлидир. Бу бежиз эмас. Чиндан ҳам, янгиланишларнинг туб мазмун-моҳиятига эътибор берсак, уларнинг барчаси шу муқаддас Ватанда азиз саналган инсон учун эканлиги яққол намоён бўлади.
Дарҳақиқат, давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланган аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш мамлакатимиз Президентининг доимий диққат-эътиборида бўлиб келмоқда. Ҳозирги кунда тиббиётнинг энг муҳим йўналишларидан бири – бу аҳолига кўрсатилаётган профилактик чора-тадбирларни янада такомиллаштириш ва унинг сифат даражасини оширишдир. Ушбу жараёнда нафақат тиббиёт ходимлари, балки кенг жамоатчилик, маҳаллаларнинг ҳам ўзаро ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга. Бу борадаги ишларни пойтахтимиз мисолида таҳлил қилиш мақсадида Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи Абдулла Ибадовга мурожаат қилдик.
Амбулатор-поликлиника ёрдами ҳолати
Тошкент шаҳри аҳолисини тўлиқ патронаж хизмати билан қамраб олиш, хонадонларда уйма-уй юриб, турли касалликларни келтириб чиқарувчи омилларни эрта аниқлаш ва уларни бартараф қилиш чораларини кўриш, фертиль ёшдаги аёллар, болалар, ўзгалар парваришига муҳтож фуқаролар, сурункали касаллиги бор беморларни тизимли равишда профилактик ва чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ёрдамида соғломлаштириш, бир сўз билан айтганда, бирламчи тиббий-санитария ёрдамини юқори савияда ташкил этиш каби вазифалар бугунги кунда долзарб ҳисобланади. Бунда кўпроқ масъулият – оилавий поликлиникалар зиммасига юкланади. Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси томонидан аҳолининг патронаж ва профилактик кўрикларини ташкиллаштириш бўйича олиб борилган ишлар ҳақида гапирганда, тизимдаги 116 та амбулатор-поликлиника ва 40 та шифохонадаги 8 мингдан зиёд шифокор ва 22 мингдан ортиқ ўрта тиббиёт ходими пойтахтнинг 2 миллиондан ортиқ аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.
Хонадонларнинг тиббий-ижтимоий ҳолатини ўрганиш натижалари
Ушбу йўналишда олиб бориладиган ишларни ташкиллаштириш борасида Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси тизимидаги бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида аҳоли рўйхатдан ўтказилиб, хонадонларнинг тиббий-ижтимоий ҳолати ўрганилди. Хонадонларга қатновларни амалга ошириш билан бир қаторда уларда саломатликка салбий таъсир қилувчи омиллар, зарарли одатлари, иқтисодий ҳолати ўртача, маълумоти етарли бўлмаган оилалар аниқланди. Хонадонларнинг тиббий-ижтимоий ҳолатини ўрганишда 3 минг 360 нафар тиббиёт ходими, улардан 895 нафари умумий амалиёт шифокори, 2 минг 465 нафар патронаж ҳамшираси иштирок этди.
Патронаж тизимини
ташкиллаштириш ҳолати
Патронаж – бу ҳомиладор, ёш болалар ва беморларнинг айрим турларига уйда тиббий хизмат кўрсатиш тизими ҳисобланиб, унинг асосий вазифаси аҳоли тўғрисида тўлиқ маълумотга эга бўлиш, ҳомиладорлар, ёш болалар ва беморлардан уйига бориб хабар олиш, касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзи бўйича тушунтириш ишларини олиб боришдан иборатдир. Алоҳида айтиб ўтиш лозимки, ушбу мақсадларни амалга оширишда бир қатор ижобий ишлар қилинмоқда. Жорий йилнинг 9 январидан 9 февралигача аҳоли тўлиқ ҳисобга олиниб, умумий амалиёт шифокорлари патронаж ҳамширалари билан биргаликда доимий фаолият олиб боришди.
Шаҳримизда 0-18 ёшлилар 689 минг 190 нафар бўлиб, аҳолининг 28,5 фоизини ташкил қилади. Шу билан бирга, айни кунда мактабгача таълим ҳамда мактаб, ўрта махсус олий таълим муассасасаларида ҳам тиббий кўриклар ўтказилмоқда. Пойтахтдаги 186 та мактабгача таълим муассасасининг 30 минг 211 нафар тарбияланувчиси, 112 та мактабнинг 56 минг 699 нафар ўқувчиси, 42 та ўрта махсус олий таълим муассасасининг 18 минг 256 нафар ўқувчиси 2017 йилнинг март ойи ҳолати бўйича тиббий кўрикдан тўлиқ ўтказилди. Оилавий поликлиника томонидан тиббий кўрик жараёнида, ташхис қўйишда, даво тавсияларини беришда, малакали ёрдам кўрсатиш ёки текширувда юзага келган муаммоларни ҳал қилиш мақсадида йўлланма билан тиббий маслаҳатга муҳтожларни Тошкент шаҳридаги 11 та туман тиббиёт бирлашмаси марказий кўп тармоқли поликлиникалар, шаҳар клиник шифохоналари, туғруқ комплекслари, шаҳар перинатал маркази ҳамда диспансерларда белгиланган жадвал асосида малакали мутахассислар томонидан шанба кунлари қабул қилиш ташкиллаштирилди.
Профилактик тиббий кўрик – бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари, жумладан, кўп тармоқли марказий ва оилавий поликлиниканинг умумий амалиёт шифокори (участка педиатри ва терапевти) томонидан амалга оширилиб, бевосита шифокор кўриги ва лаборатор-инструментал текширувларни ўз ичига олади. Профилактик кўриклар бемор муассасага келганида ёки уйида ўтказилади. Таъкидлаш муҳимки, ҳар бир фуқаро бир йилда бир марта профилактик кўриклардан ўтказилиб, натижалар беморнинг амбулатор картасига шифокор томонидан қайд қилиб борилади.
Чуқурлаштирилган тиббий кўрик – тизимли чора-тадбирлар мажмуаси бўлиб, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг бир нечта йўналишдаги тор соҳа мутахассисларининг объектив кўриклари, лаборатор ва инструментал текширувлардан иборат бўлиб, якуний ташхисни аниқлаш ва назоратга олиш, саломатлик гуруҳларига ажратиш, даволаш-соғломлаштириш тадбирлари ва сурункали касаллик аниқланганларнинг динамик кузатувларини ташкиллаштириш тадбирларидан иборатдир.
Мақсадли тиббий кўрик – алоҳида алгоритмга асосан бирор мақсадни кўзлаган ҳолда тор соҳа мутахассислари иштирокида вазирлик томонидан белгиланган тартибда ўтказилади. Бунда 6 ёшли болалар, никоҳланувчи шахслар, иш (ўқиш)га кирувчилар, ҳайдовчилар, зарарли омиллар билан ишловчилар, жазони ўташ жойларидан озод этилганлар, меҳнат мигрантлари ва бошқаларнинг тиббий кўриклари шулар жумласига киради.
Тез ёрдам хизматида
янги босқич
Тошкент шаҳрида тез тиббий ёрдам "103" хизмати бригадалари 161 тани ташкил этади. Улардан: 127 таси умумий тез тиббий ёрдам, 30 таси интенсив терапия, 4 таси махсус кардио-неврологик бригадалардан иборат. Ушбу тиббий хизматнинг муҳим йўналишлардан бири – бу аҳолининг тез тиббий ёрдам ёки "103" хизматидан розилигидир. Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси 12 та подстанциядан иборат бўлиб, уларнинг барчаси капитал таъмирдан чиқарилган ҳамда ишчи ва хизматчиларга қулайликлар яратилган. Шу кунгача шаҳар аҳолисига 138 та тез тиббий ёрдам бригадаси туну кун хизмат кўрсатар эди. Жорий йилнинг 8 февралидан бошлаб, тез тиббий ёрдам бригадаси сони 161 донага (23 та DAMAS русумли автомашина) етказилди. Бу эса ўз навбатида кечикиш ҳолатларини кескин камайтиришга олиб келди. Шаҳар аҳолисига кўрсатилаётган тез тиббий ёрдамнинг сифат ва самарадорлигини янада ошириш мақсадида улар замонавий компьютерлашган алоқа воситаси – GPS билан таъминланди. Шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2017 йил 13 февралдаги 58-сонли буйруғи асосида 41 турдаги тез тиббий ёрдам хизматининг битта кўчма бригадаси учун мўлжалланган дори воситалари рўйхати ва 39 та тез тиббий ёрдам хизматининг битта кўчма бригадаси учун мўлжалланган тиббий асбоб-ускуналар ва тиббий буюмлар рўйхати тасдиқланди.
Шу йилнинг 16 март куни имзоланган Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Шошилинч тиббий ёрдам тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони билан Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг тез тиббий ёрдам станцияси ва унинг туманлардаги кичик станциялари билан биргаликда юридик шахс мақомини сақлаб қолган ҳолда таркибий бўлинма сифатида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига берилди. Шунингдек, Фармонда 2017 йилнинг 1 июлигача ягона маълумотлар базаси ва уларни узатиш тармоғини яратган ҳолда тез тиббий ёрдам бригадаларининг фаолиятини тезкор бошқариш ва мувофиқлаштирилишини таъминловчи марказ ҳамда унинг ҳудудий филиалларининг мувофиқлаштирувчи – диспетчерлик хизматлари фаолиятини ташкил қилиш бўйича чора-тадбирлар мажмуаси ишлаб чиқилиши белгиланди. Эндиликда ушбу фармон билан ҳар бир чақириқ бўйича тез тиббий ёрдам бригадалари алоқа воситаси – GPS тизими орқали экранда кузатилади ва кечикиш ҳолатлари таҳлил қилиб борилади. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, автомашиналар сони ошишига қарамай бугунги кунда тез тиббий ёрдам хизматида ўртача 2300-2500 та чақириқ кузатилмоқда. Уларнинг асосий қисми соат 17:00 дан 01:00 гача қайд этилади. Ушбу чақириқларнинг 6-10 фоизида кечикишлар аниқланмоқда. Бунга асосан йўллардаги тирбандликлар, айрим маҳаллаларда уй хонадонларининг рақамлари ва кўча номлари кўрсатилмаслиги, мавзеларга кириш йўллари бетон плиталар ва шлагбаумлар билан ёпилиши каби ҳолатлар сабаб бўлмоқда.
Тошкент шаҳрида
Туман тиббиёт бирлашмаси – 11 та
Оилавий поликлиника – 60 та
Талабалар поликлиникаси – 1 та
Шифохона – 40 та
Диспансер – 18 та
Марказ – 7 та
Стоматологик поликлиника – 12 та
8000 нафар
шифокор,
22000 нафар
ўрта тиббиёт ходими
Дори воситаларининг нархи – доимий назоратда
Тиббий хизматнинг яна бир муҳим йўналишлардан бири – бу аҳолининг дори-дармон воситалари билан таъминотини яхшилаш, уларнинг нархини шакллантириш масаласидир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Аҳолини дори-дармонлар ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарорига мувофиқ, 2017 йилнинг 1 январидан янги тартиб-қоида жорий этилди. Эндиликда четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш, уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорларда белгиланадиган, чекланган савдо устамалари қўлланилмоқда.
Жумладан, 300 дан ортиқ номдаги ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситаси ва тиббиёт буюмлари учун муайян нархлар жорий этилди. Олиб борилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида жорий йилнинг 17 февралида Тошкент шаҳар ҳокимининг "Тошкент шаҳрида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш ва уни ривожлантириш, тиббиёт муассасалари фаолиятини бошқаришни ташкил этишни такомиллаштириш ҳамда унинг самарадорлигини оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 159-сонли қарори қабул қилинди. Ушбу қарорга мувофиқ Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси тизимидаги шифохоналарга дори-дармон ва боғлов воситаларини харид қилиш учун ажратилаётган маблағлар маҳаллий бюджет ҳисобидан икки баробарга оширилди.
Шифохоналарда даволанаётган беморлар ва уларнинг яқин қариндошларини муассасада мавжуд дори-дармон воситалари билан таништириб бориш мақсадида ҳар бир палата ва қабул бўлимининг кўринарли жойида дори-дармон воситаларининг рўйхатлари ўрнатилиб, уларни беморлар томонидан олиб келинишига қатъиян чек қўйиш, бўлимлар ва муолажа хоналарида "Тиббий хизматлар бепул" эканлиги тўғрисидаги эълонлар ёзиб қўйилиши каби чора-тадбирлар белгиланди. Шу ўринда айтиш жоиз-ки, пуллик ёки бепул хизматлар, албатта, ўрнатилган тартибда амалга оширилади.
2017 йилнинг 1 январидан бошлаб Тошкент шаҳридаги барча 1178 га яқин дорихоналарнинг "Истеъмолчилар бурчаги" ташкил этилди.
Хулоса қилиб айтганда, Президентимиз томонидан белгиланган вазифаларни амалга татбиқ этиш учун масъулиятни янада ошириб, инсон манфаати ва унинг саломатлигини сақлашда нафақат тиббиёт ходимлари, балки кенг жамоатчиликнинг ҳам ҳамкорликда фаолият юритаётганлиги муҳим ҳисобланади. Бу эса жамият тараққиёти ривожланиб боришида ўз ифодасини топиб, эзгу мақсадлар янада бардавом бўлишига хизмат қилади.

 

Манбаа: uzssgzt.uz

Системага кириш

Ҳаволалар
gov-uz

Ўзбекистон Республикаси

Ҳукумати Портали

 www.gov.uz

minzdrav

Ўзбекистон Республикаси

Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги

www.minzdrav.uz

minzdrav

Тошкент Тиббиёт

Академияси

www.tma.uz

 

Тошкент тиббиёт академияси 3-клиникаси.
Ўзбекистон, Тошкент ш, Тараққиёт к, 103. Тел.: +(99871)-289-43-62 (24 соат). e-mail:info@3-klinikatma.uz
Сайт ва дастурлар ишлаб чиқариш Greencode МЧЖ